Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар.
Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир.
(Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддаси).
Ватанимиз бетакрор тарихий обидалар, асрларга тенг маданий мерос объектларига бой. Аммо уларни борлигининг ўзи етарли эмас. Агар қаровсиз қолса, зиён-заҳмат етиши тайин. Шу боис, уларни ҳар тарафлама муҳофаза қилиш, келажак авлодларга безавол етказиш асосий вазифалардандир.
Авваллари аҳоли ҳам билиб-билмай обидаларга, моддий объектларга зарар бериб қўяётган эди. Зарур ҳужжатлар қабул қилингач, масъул ташкилотларнинг масъулияти оширилди. Жавобгарлик кучайтирилгач, бу каби салбий оқибатларнинг олди олиниши таъминланяпти. Айниқса, қонуний ҳужжатлар билан ушбу ножўя оқибатларни олдини олинаётгани, қувонарли ҳол.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган Қонун билан Жиноят кодексининг 132-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра, давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш учун жазо тайинланди. Қонунга мувофиқ:
- такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
- кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;
- бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин.
Ўша ҳаракатлар жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилса, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари кўрсатмаларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Ушбу ҳуқуқбузарликни содир этганлик:
- фуқароларга БҲМнинг 3 бараваригача (810 минг сўмгача);
- мансабдор шахсларга эса 5 бараваригача (1 млн 350 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Маданий меросни сақлаш фақат маъсулларнинг вазифаси дея қараш ҳам нотўғридир. Маданий мерос халқ мулкидир, уни сақлаш ва келгуси авлодларга етказиш барчамизнинг бурчимиз. Бу ҳар бир инсон, оила, ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар аҳлининг муқаддас бурчидир. Айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашда Ватанимизга, халқимизнинг меросига ҳурмат, фахр ва ғурур туйғуларини шакллантириш, уларни эъзозлашга чорлаш биз катталарнинг вазифамиздир. Фарзандларимиз кўпроқ музейларга, кўргазмаларга ва бевосита обидаларга бориб ушбу мерос билан яқиндан танишишлари яхши самара беради. Зеро, обидаларни фақат жазо ва жарималар билан эмас, балки меҳр-муҳаббат билан асраб-авайлайлик.
Алишер Хусанов,
Фарғона вилояти маданий мерос бошқармаси бўлим бошлиғи.